среда, 1 октября 2014 г.

Бой ва мискин

Бой билан мискин киши
Қўшни эди бир замон,
Бир-бирларига доим,
Оқибатли меҳрибон.

Хатто болалари ҳам,
Бирга эдилар ҳар чоқ,
Гоҳ у, гоҳ бу ҳовлида,
Ўйнашиб қувлашмачоқ.

Бой биларди қўшниси,
Яшарди камтар, юпун,
Дасмояси бир арқон,
Териб сотарди ўтин.

Не бўлар ўтин пули,
Ахир уйда саккиз жон,
Бой камбағал қўшнига,
Қилиб турарди эҳсон.

Бой ўйларди: Болалар,
Гоҳида уришганда,
Берган нарсаларимни,
Қилмасинлар писанда.

Ҳеч бир жонга билдирмай,
Ул, бул олиб бозордан,
Киргизиб турар эди,
Бегона хизматкордан.

Ўйларди: Ҳар нарсамда,
Ҳаққи бор қўшнимнинг ҳам,
Топганимни у билан,
Кўришим керак бахам.

Бойнинг ёрдами билан,
Қутга тўлиб айвони,
Ўтинчининг ҳар куни,
Қайнар эди қозони.

Ўтинчи бу эҳсонни,
Кимданлигин биларди,
Дастурхонда пинхона,
Бойни дуо қиларди.

Бир куни бой иш билан,
Узоқ бир юртга кетди,
Ё Қашқар, ё Мисирга,
Ва ёки Туркка кетди.

Уйда бўлмай юрди бой,
Бир ой бошқа шаҳарда,
Кириб келди уйига,
Чарчаб, хориб наҳорда.

Хотинига “об-қўй” деб,
Ақча берди халтада,
Дерди: бу Хажнинг пули,
Жўнайман шу хафтада.

Хотинидан сўради,
Ечаётиб махсини,
Тинчликми махаллада?
Қўни-қўшни яхшими?

Ўтинчи қўшни қалай?
Болалари омонми?
Хотини деди: - Яхши,
Бунча койитманг жонни.

Бир қизчаси ўлганди,
Қабристонга элтишди,
Шундан кейин негадир,
Бирдан бойиб кетишди.

Ўғлингиз кирган экан,
“Бу ёққа кел” демапти,
Еяётган гўштидан,
Бирон тишлам бермапти.

Болам егиси келиб,
Йиғлаб кирди уйимга,
Ўшандан бери ўйлаб,
Етолмайман ўйимга.

Мўмин одамнинг ахир,
Бўлмасми қўли очиқ?
Булар бойиб кетишгач,
Бўлиб қолди қизғанчиқ.

Бой шод бўлди харқалай,
Ўтинчи оч қолмапти,
Аммо гўштни боладан,
Қизғонгани бўлмапти.

Бой сафардан қайтганин,
Ён қўшниси билипти,
Зиёрат қилиш учун,
Бойникига чиқипти.

Саломлашиб ўтириб,
Суҳбатлашгандан кейин,
Бой депти қўшнисига:
Бир гапим бор айтайин.

Гўшт еб турган экансиз,
Чиқиб қопти ўғилчам,
Хафа бўлипти унга,
Бермапсиз бирон тишлам.

Ўтинчи депти: “Узр”
Қўшнижон, айб менда,
Бир ой жуда қийналдик,
Сиз сафарда юрганда.

Ўзим бетоб бўб қолдим,
Халоватим бузилди,
Оч қолдик, бир қизчамнинг,
“Нон”, деб жони у зилди.

Бир неча кундан кейин,
Қўлимда арқон билан,
Далага чиқдим, уйга
Зора қайтсам нон билан.

Харом ўлган бир эшак,
Шундоқ чиқди йўлимдан,
Болаларимни эслаб,
Бир гап ўтди кўнглимдан:

Очликдан ўлди қизим,
Хотиним ҳам ўсолдир,
Эй , Оллоҳ! Энди бизга
Бу ўлакса халолдир.

Олиб келдим уйимга,
Шу эшакни нимталаб,
Тузлаб қўйдим бир хумга,
Гўштни бурда бурдалаб.

Харомлигин билганда,
Ўғлингиз “гўшт” демасди,
Бизга халол эди-ю,
Сизга халол эмасди.

Очликдан болаларим,
Бўлди суягу, тери,
Емишимиз ўша гўшт,
Мана, бир ойдан бери.

Қўшнисин кузатди-ю,
Бойга чиқди истима,
- Сафарга бормай ўлай,
Нима қилиб қўйдим-а?!

Шуларга ташлаб кетсам,
Егулик бўлмасмиди,
Оч қолмаганда балки,
Қизалоқ ўлмасмиди.

Ўлакса еб ўтирса,
Очликдан қўшним мани,
Каъбада Хажу, Умра,
Қилишимдан не маъни?

Бой Хаж пулин опчиқиб,
Ўтинчига тутқазди,
Болаларин ҳам унинг,
Атрофига ўтказди.

“Лаббайка” деб Каъбани,
Қилгандай тавофини,
Етти марта айланди,
Уларнинг атрофини.

Лаббайка Оллоҳумма Лаббайк,
Лаббайка ла шарийка Лаббайк,
Иннал ҳамда вал неъмата
Лакавал мулк, ла шарийкаллак.

Уч кундан сўнг хожилар,
Кетишди Хаж қилгани,
Кетишди Оллоҳ учун,
Мол, жонин харж қилгани.

Уч ой деганда бир-бир,
Қайтиб келди хожилар,
Дўконда бойни кўриб,
Ҳайрон бўлишди улар.

- Хожим, Каъбатуллоҳдан,
Қачон қайтиб келдингиз?
Қанот чиқдими, ёки,
Шамол бўлиб елдингиз?

Ахир айтгандингиз-ку,
Ўн-ўн беш кун қоламан,
Сизлар бораверинглар,
Сиздан кейин бораман.

Биздан берворгандингиз,
Совға, салом тугун,
Элтиб бермоқчи эдик,
Уйингизга шу бугун.

Бой хайрон, дерди: Ахир,
Борганим йўқ, Хажга ман.
Хожилар унинг сўзин,
Олишмасди асло тан.

- Ахир Каъбатуллоҳни,
Бирга тавоф қилдик-ку,
Намоз вақтида беш вақт,
Ёнма-ён ўтирдик-ку.

Ёлғон арафа куни,
Етиб бордик Минога,
Арофатда ўтириб,
Хитоб қилдик Оллога.

Дуо қилиб ўпдингиз,
Хажарул асвадни ҳам,
Бирга қурбонлик қилдик,
Бирга қирқдик сочни ҳам.

Хожим омонатингиз,
Мана тугунни олинг,
Йўлда чарчаб қолибсиз,
Биз кетдик, яхши қолинг.

Бой йиғлар эди фақат,
Тилига сўз келмасди,
Қўлида тугун унда,
Не борлигин билмасди.

Бой тугунни бағрига ,
Босди-ю, чопди уйга,
Кўриб турган одамлар,
Бари эргашди унга.

Фаришталар чуккан бу,
Тугунда не, ё, Олло,
Жойнамозми, китобми,
Либосми, ё тўтиё?

Чап кўксида юраги,
Питирларди мисли қуш,
Уйига келиб очса,
Нафис мато – Каъбапўш!

“Оллҳи акбар” дея,
Йиғлаб қилди муножат,
Бир гуноҳкор бандангга,
Роббим, бу не иноят?!

Ахир нодонлигимдан,
Сўлдирдим гул ғунчасин,
Бўйнимда-ку уволи,
Ён қўшнимниг қизчасин.

Бой йиғларди “Кечир” дер,
Не қиларин билмасди,
Хожи бўлдими бунга,
Ишонгиси келмасди.

Оллоҳ бир фариштани,
Ўхшатиб қўйиб бойга,
Тушурган бўлса не тонг,
Хожилар турган жойга.

Бой тусида фаришта,
Бажариб Хаж амалин,
Берган бўлса не ажаб,
Совғали тугунчагин.

Мушку анбар исига,
Тўлди бойнинг ховлиси,
Йиғилди узоқ - яқин,
Ва ўтинчи қўшниси.

Бой деди: Эй яхшилар!
Кўп эди каму-кўстим,
Мени Хожга юбориб,
Хожи қилган ён қўшним.

Бой қўшнисин қучоқлаб,
Одамларга билдирди,
Қўшни томон деворга,
Каъбапўштни илдирди.

Кўзга суриб одамлар,
Ўпдилар Каъбапўштни,
Хақ наздида шунчалар,
Азиз эканми қўшни?

Ўша куни тиниқиб,
Хожи бой қолди ухлаб,
Тушида Каъба ўзи,
Келганмиш уни излаб.

Бойни ўтказиб қўйиб,
Бармоғига деб “Сана”,
Атрофида етмиш бор,
Айланётганмиш Каъба.